tg-me.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1038
Last Update:
Қанча яхшилик қилманг, барибир бир кун шу яхшилик қилганларингиз маломат тоши билан бошингизни ёришади‼️
Ҳаёт тажрибамда орттирган ТОП 7 маслаҳат:
1. Топган пулингизни ҳаммаси «ўзимники» деманг, унда мискинларнинг ҳаққи бор. Масалан: сиз қанчадир миқдорда эҳсон қилдингиз, ўша пул ортиғи билан баракали бўлиб қайтиб келади. Шахсан менда эҳсонлар ораси чўзилса, пул топишимда муаммолар чиқа бошлайди.
2. Вада бердингизми — бажаринг.
Кеча шу вадани қандайдир хурсандчиликда ёки ташвишли ҳолатда, эҳтиёжда, эмоцияда бердингизми — фарқи йўқ. Сизнинг шу берган вадангизга кимдир қаттиқ ишониб қолган бўлиши мумкин.
3. Яхшиликни қилдингизми — раҳмат айтиб эслаб юришларини кутманг. Яхшиликни қилинг ва шунчаки унутинг. Кутсангиз, кимдир раҳмат айтиши учун, одамлар учун қилган бўлиб қоласиз. Агар қайсидир яхшилик қилган одамингиз раҳмат айтмаса ёки миннатдорчилигини сиз кутгандай билдиролмаса, яхшилик қилгингиз келмай қолади. Лекин аслида, сизга бўртириб раҳмат айтган одамдан, айта олмаган одам кўпроқ севиниб, кўпроқ ортингиздан дуо қилган бўлиши мумкин.
4. Бировга яхшилик қилсангиз, «билмайдику» деб тўхтаб қолманг. Эҳсонингизга муҳтожми — беринг, тамом. Нима, ҳамма яхшиликни билади, деб ўйлайсизми? Қариндошингиз бўлсин, яқин дўстингиз бўлсин, кўчадаги тутунган акаларингиз бўлсин — 10 марта қилиб, 1 марта қилмасангиз, шу қилмаган ишингизни эслаб маломат қилишади. Кеча бўртириб сизни мақтаб чарчаган оғизлари, бугун ёмонлаб чарчоқ билмайди. Бунақалар фақат бегоналардан эмас, ўзингизникилардан ҳам чиқади.
5. Яхшиликни Аллоҳ учун қилиш қоидаларини англаб етганингизда, шайтон атрофингиздаги яқинларингиз орқали сизга босим ўтказишга ҳаракат қилади. Сизни қилган яхшилигингизни уларга ёмон ишдек, ёки уларга нисбатан беҳурматликдек кўрсатишга уринади. Майли, бугун сиздан хафа бўлишлари мумкин, лекин қиёмат кунида бу яшириб қилинган эҳсонлар уларга совға бўлиб келади. Охират кунининг хурсандчилигини, бу дунёдаги барча хурсандчилик бир бўлса ҳам, боса олмайди.
6. Кўзбўямачи бўлманг. Айрим одамларни биламан — кўчадагиларга яхши инсондек кўринишга ҳаракат қилишади. Қарз сўраган одамларга уйидан борини олиб чиқиб, қўш-қўллаб қўлларига тутқазишади, оиласида эса тийинни ҳисоб-китоб қилади.
Аввал оилага, кейин жигарларга, кейин қариндошларга, кейин атрофдагиларга қилинади.
7. Доим ўзингизни танқид қилиб туринг. Шайтон илмли бўлганини унутманг. Сизнинг илмингиз кучайиб, хайрингиз ортган сари, яна ҳам билимли ва бахил шайтонлар келишни бошлайди. Ҳаёлингизда яхшилик қилишни хоҳлаётгандек бўласиз, қалбингизда эса одамлар кўришини, мақташларини хоҳлаб турасиз. Агар ичингиздан кимнидир билишини хоҳлаб яхшилик қилмоқчи бўлсангиз — ўша яхшиликни қилманг. Қачонки ўша пул ўзингизга керак бўлганда ёки нафс пишқириб, пулларни ўзингизда қолишини истаб турган вақтда яхшилик қилсангиз — ҳам нафс тарбияланади, ҳам у пайтда сизга кимдир раҳмат айтиши ёки билиши аҳамиятсиз бўлиб қолади.
Эҳсон – бу дунёда барака, охиратда нажотдир. Қилган яхшилигингиз одамлар томонидан қадрланмаса ҳам, Аллоҳнинг назарида ғоят улуғ ҳисобланади.
👉 @Abduqahhorov_Abduvahob
BY Abduvahob Abduqahhorov | Blogi📝
Warning: Undefined variable $i in /var/www/tg-me/post.php on line 283
Share with your friend now:
tg-me.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1038